Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Самарқандга катта умидлар билан 100 та электробус олиб келинган ва ҳаракати йўлга қўйилган эди. Аммо вилоят Транспорт бошқармаси бошлиғининг иш кўзини билмаслиги оқибатида электробуслар иши ўлда-жўлда ҳолатга тушди. Катта умид билан давлатимиз раҳбарининг чақириғи билан Россиядан, ҳатто Тошкентдан тайёр ишини ташлаб келган тажрибали ҳайдовчилар ноумид бўлишмоқда, ишни йўлга қўйилишидан норози. Видеолавҳада ҳайдовчилар сўзларига қулоқ тутинг, ҳамма муаммони улар очиқ баён қилган. Улардан энг каттаси ҳайдовчилардан мажбуран кунлик тушумни тўлаш талаб қилинмоқда. Ваҳоланки, улар "план йўқ" деб ишга жалб қилинган. Бошқа томондан, бошқарма бошлиғи ўзи кечаси автобазага келиб, ҳайдовчиларга "шунча тўлайсан, бўлмаса аризангни ёз" деб туриши экан. Булардан ташқари, йўналишларни белгилашда камчиликлар, кўчаларнинг аҳволи каби кўплаб муаммолар бор экан. Ҳайдовчилар дардини эшитиб, муаммони ҳал қилишни мутасаддилар ўз вақтида амалга оширмаса, қимматбаҳо электробуслар тезда ишдан чиқади, ишониб келган тажрибали ҳайдовчилар ишни ташлаб, яна ташқи мигрантлар сафига қўшилади, Самарқандда жамоат транспорти фаолияти эскича аянчли аҳволга тушиб қолади, аҳолининг ўзгаришларга бўлган ишончига путур етади. Самарқанд вилоят Транспорт бошқармаси бошлиғига шу керакми?