- MUSLIMA SOLIHA -
🔴 РАМАЗОНГА ҚАНДАЙ ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ЛОЗИМ
Рамазон қолган ойларга қараганда нимаси билан афзал?
Рамазон — қамарий тақвимига кўра 9 — ойга тўғри келади. Айнан мана шу ойда, Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга илк маротаба Қуръон оятларини нозил қилган, бу муборак ойда дунёдаги барча мусулмонлар рўза тутишади. Ислом тарихига кўра, Рамазон рўзаси ҳижратнинг иккинчи йили фарз бўлган. Исломдан аввал ҳам, Насроний ва Яҳудий қавмларига рўза тутишлик буюрилган эди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“ Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз” ( Бақара сураси 183 — оят ).
Исломдан аввал яшаб ўтган қавмлар ила мусулмонлар орасидаги рўзанинг фарқи шуки, мусулмонларга айнан Рамазон ойида тутишлик фарз қилинган.
Рамазон ойида рўза тутишликка тарғиб қилгувчи оят ва ҳадислар:
Рамазон рўзасини тутишлик, ислом устунларидан биридир. Рамазон ҳақида Аллоҳ азза ва жалла шундай дейди: “ Рамазон ойики унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қурўн туширилгандир. Сизлардан ким Рамазон ойида ҳозир бўлса, рўза тутсин” ( Бақара сураси 185 — оят ).
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида шундай деганлар: “Ислом беш нарсага кўра бино қилингандир. Аллоҳдан ўзга ибодат учун лойиқ зот йўқ эканлигига иймон келтириш. Беш маҳал намоз ўқиш. Закот бериш, Ҳаж қилиш, Рамазон рўзасини тутиш”.
( Имом Бухорий ва Муслим ривояти )
Юқоридаги оят ва ҳадисдан олинадиган хулоса шуки, Рамазон рўзасини узурсиз тутмаган мусулмон киши гуноҳкор бўлади.
Рамазон рўзасига қандай тайёргарлик кўриш керак?
* Аввало Рамазон рўзаси ҳақида кўпроқ маълумот йиғишга ҳаракат қилинг. Рамазон рўзаси ҳақида маълумотга бой китобларни ўқинг, рўза қандай тутилади, уни нима бузади ва нима қилса каффорот вожиб бўлади ўрганинг.
* Диний китоблардан фойдаланинг, Рамазон ҳақида маърузалар тингланг.
* Агар Қуръон ўқишни билсангиз кўпроқ ўқинг. Уламолар Шаъбон ва Рамазон ойида Қуръон ўқишни кўпайтирганлар.
* Шаъбон ойида нафл рўза тутишга ҳаракат қилинг, чунки бунда жуда кўп яхшликлар бор.
* Агар сизда олдинги Рамазон рўзасидан қазо қолган бўлса уларни тутиб қўйинг.
* Агар сиз оғир касалликни бошдан ўтақзган бўлсангиз, шифокор билан маслаҳатлишиб олинг чунки Аллоҳ таоло сизга қийинчиликни ҳоҳламайди.
* Бўлар бўлмас фойдасиз нарсалардан юз ўгиринг. Вақтингиз интернет саҳифасида эмас балки Қуръон саҳифасида ўтсин.
Аллоҳ таоло бизга Рамазон ойига пок ҳолатда кириб, у муборак ойда янада кўпроқ ибодат қилишни насиб қилсин!!!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
Асадуллоҳ Дилшод таржимаси.